About Books Fotoalbum Feed back Aduo files
ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

ЎНИҚ ҚАЛБ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

Ўзбек шеърият боғи ниҳоятда кўркам, унинг таровати ўзгача, чеку чегараси йўқ. Бу боғда томири ер қаърига узоқ кетган минг йиллик чинорлардан тортиб, эндигина бўй чўзган ниҳолларни ҳам кўриш мумкин. Бу боғдаги ҳар бир дарахтнинг ўз ўрни бор, осмонга найзадек бўй чўзган теракдан тортиб сада, гужумларнинг ҳам ўзига яраша ҳусни бор. Ана шу Ўзбек шеърияти гулшанида яна бир сўлим хиёбон бор. Бу хиёбон бошида буюк Хоразмийлар туради. Ана шу Хоразмийлар хиёбонида кўркам, ям-яшил гужум дарахти бор. Унинг шохлари ҳар томонга шохлаб кетган, бу гужум хиёбонга ўзгача бир кўркамлик, тароват бағишлайди, унинг боғда ўзига хос ўрни бор. Бу гужум остида бир зум дам олган киши ўзини енгил ҳис этади, бу шоир Эгам Раҳим гужумидир.
Бу гужум Хоразм тупроғидан озиқланган, илдизи бақувват, сояси оромбахш, фасли ёқимли, файзи беназир.
Истеъдодли шоир ва драматург, оташин публицист, фаол жамоатчи Эгам Раҳим қисқа, лекин мазмундор, сермашаққат ва шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтди. У ўзининг серқирра ижодий фаолияти билан ўзбек маданиятини, матбуоти, адабиёт ва санъатини гуллатишга муносиб ҳисса қўшди.
Шоирнинг илк шеърларидаёқ давр воқеаларига ҳозиржавоб бўлиш, ҳаётда содир бўлаётган ҳар бир янгиликка ўз муносабатини англатиш, замон билан ҳамнафас бўлишга интилиши яққол кўзга ташланди.
У ўзининг шеър, достон, очерклари билан эл орасида кенг танила борди. Унинг биринчи шеърий тўпламидан кейин Эгам Раҳим ўз мухлисларига «Янги қадам», «Салом­ сизга Хоразмдан», «Нур дарёси», «Қалбим қиссаси», «Озерний ҳақида баллада»сини ва ўнлаб очеркларини ҳадя этди. Бу асарларни ўқиб, шунга амин бўламизки, шоир доимо ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб, ҳаётдаги етакчи тенденцияларни уқиб олишга интилди. Шоир ижодида марказий мавзулардан бири бахт мавзусидир. Унинг асарларининг лирик қаҳрамони меҳнат ва курашларда қўлга киритилган бахтни шу йўл билан ҳимоя қилишга тайёр турган инсон. У нима ҳақида ўй сурмасин, ширин хаёл сурмасин, унга бахт қуёши порлаб, нур сочиб туради.
Дарҳақиқат, ўз халқига садоқат билан хизмат қилган инсоннинг ижод йўли бахт йўлидир. Бу йўлнинг ўзига хос машаққатлари, қийинчиликлари бўлса-да, бу зафарли йўлдир. Шоир қадам-бақадам янги ижодий ютуқларни қўлга кирита борди. Шуниси муҳимки, шоир бугунги кун ва келажак тўғрисида зўр ҳаяжон билан самимий мисралар яратар экан, унинг диққат марказида халқнинг тарихий тақдири — ўтмиши, ҳозирги куни ва келажаги ҳақидаги ўйлар ётади.
Бир йиллари «Қўриқ очамиз!» деб, Жайҳун сувини қум барханлари узра қўйиб юбордик. Чанқаган ерлар бу билан барибир сувга тўймади. Бундан қайтанга Амударё озор чекди. Унинг қаҳри келиб, қирғоқларидан тошиб, кенгликларни ювиб кетган йиллар ҳам бўлди. Шунда шоир Эгам Раҳим дарёга қулоқ тутди ва унинг нидосини эшитди. Одамларни содир бўлажак фалокатдан огоҳлантириб, шеърлар ёзди. Бу нидо ўқиган юракларни тилди. Минг афсуски, бунга ўз вақтида эътибор берилмади. Энди бўлса бу бебошликларимизнинг оқибатлари ҳаммага аён. Орол ўксинди. Амударёнинг эса суви пасайди. Эгам Раҳим бизни мана шу фалокатларнинг олдини олишга чорлаган биринчи шоир эди. У сув учун куйинди, гужумлар қуриётганига куйинди, зумрад кўллар йўқолаётганига куйинди. Буни у ўз шеърларида изҳор этди. Жумладан, «Гужум», «Гужумларга сув қуямиз» ва бошқа шеърларини ўқиб ишонч ҳосил қилишимиз мумкин.
Шоирнинг ватанпарварлик оҳанглари билан суғорилган лирикасида замонамиз кишиларининг фикр-ҳислари, Ватанга муҳаббати, халқимизнинг меҳнат зафарлари кўтаринки руҳ билан тараннум этилади. Унинг тўпламларига кирган шеърлари шундан гувоҳлик берадики, шоирнинг халқ тили бойликларидан унумли ва ўринли фойдаланганлигини, ўз асарлари тилининг халқчил ва содда, равон бўлишига эришганлигини кўрамиз.
Эгам Раҳим ижоди билан танишар экансиз, нозик дидли, юксак мулоҳазали, маданиятли, юраги кенг, фикр­лари тиниқ, ўз туғилган жойига садоқатли, фидойи ва жўмард инсон кўз олдингизга келади. У ҳамиша муҳтожларга ёрдам кўрсатишга ошиққан, бировлар ташвишидан озор чекиб, уларга ёрдам кўрсатиб шундан ўзига ором топувчи инсон эди. У Хоразмни самимий меҳр ва болаларча беғуборлик билан севиб яшаган. Унинг катта шоирлиги ҳам ана шу хусусиятидадир. Шоир юртига бўлган севгисини ўзи яшаб ижод қилган оғир даврда ҳам ҳеч кимдан яширмаган. Бу қуёшли заминда туғилиб, вояга етгани ва палак ёзиб мевалаётганидан беҳад шодланади. Унинг асарларининг кўпчилиги шу ўлкага бағишлангани беҳудага эмас. Унда фарзандлик муҳаббати мужассам. Шоир юрагидаги ана шу ватанпарварлик туйғуси уни фидойиликка ундайди. У Урганч учун, гўзал Тошкент учун, улуғвор ва маҳобатли Ўзбекистон учун ҳатто, фидо бўлишга ҳам ҳамиша тайёр. Мана шу заминда тўй кўрса қувонади, аза кўрса ғамга ботади. Эгам Раҳим ана шундай ватанпарвар шоир эди. Сўзимизнинг исботи учун шоирнинг «Ўзбекистон», «Жон Ватан», «Шарқ­нинг маёғи» шеърларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Шоирнинг Хоразм мавзусида ёзилган шеърлари ижодининг асосини ташкил этади. Буларга «Салом сизга Хоразмдан», «Хоразм гапиради». «Хоразм» шеърлари киради. Эгам Раҳим энг қадимий мавзу — муҳаббат ҳақида ёниб куйлаган эди. Унинг шеърлари қўшиқ бўлиб кетганига гувоҳмиз. Шунингдек, шоирнинг дўст-қадрдон халқларга бағишлаб ёзган гулдасталари ҳам кўп. У қорақалпоққа ҳам, қозоққа ҳам, қирғизга ҳам, туркманга ҳам шеър бағишлади, уларни ҳамжиҳатликка чорлади,дўстлик боғига даъват этади. Хоразм воҳасида содир бўлаётган ҳар бир улуғвор иш, бунёдкор халқнинг меҳнат ва курашлари, ҳар бир воқеа-ҳодиса шоирни ҳаяжонга солиб, қалб садоси сифатида унинг шеърий созида янграган.
Элу юртига хизмат қилиш орзуси, ўз меҳнати билан яхши ном қолдириш, инсоннинг бахт-саодати йўлида фидокорлик кўрсатиш истаги Эгам Раҳим ижодининг мақсад ва моҳиятини белгилайди.
Оқ қоғозни қоралаш кимгадир осон кечар, лекин Эгам Раҳим ана шу оқ қоғозга оппоқ кўнглидаги гапларни ёзди, қўли гул инсонларнинг заҳматкаш меҳнатини тараннум этди. Унинг шеърий тўпламларида шоир яшаган­ давр садолари янграб туради. «Калтаминор ҳикояси», «Чингиз босқини», «Паҳлавон Маҳмуд» дос­тонларида қадим Хоразм тарихидан лавҳалар қаламга олинган бўлса, «Дўстимнинг тақдири» балладасида 30-йиллар қатағони қурбони бўлган ёш шоир ҳаёти акс эттирилади.
Эгам Раҳим 59 ёшида — 1977 йилда оламдан ўтди (жойлари жаннатда бўлсин!), Лекин бу умр мазмуни ниҳоятда бой. Шоирнинг иккинчи умри шеърларида, фарзандлари умрида давом этмоқда. Шоирнинг шеърлари жамланиб, яхлит бир ҳолда нашр қилинаётган экан, бу шеърларнинг бугунги истиқлол авлодлари учун ҳам муносиб хизмат қилишига аминмиз.
Эгам Раҳим — Аваз Ўтардан кейинги Хоразмнинг энг катта шоиридир.
Шеърият боғига Эгам Раҳим гужумининг узоқ йиллар ўзгача бир ҳусн, тароват бағишлашига аминмиз.
«Жайҳун нидоси» сайланма асарлари Эгам Раҳим таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб нашр қилинмоқда. Бу асар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлишига ишонамиз.

 

Барот БОЙҚОБИЛОВ

 

КУЛИБ ЮРГИН ДОИМ, ЖОНГИНАМ

Табассуминг яхши кўраман,
Сен шод бўлсанг, мен қувонаман,
Ранжиб қолсанг куйиб-ёнаман,
Атрофингда мен парвонаман,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Ҳаёт қурдик тошиб-қувониб,
Яхши кунлар ишқида ёниб,
Шодон бўлдик ўзликни таниб,
Бахтли ҳаёт сувидан қониб,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Эсингдами осуда дамлар,
Янги уйга қўйиб қадамлар,
Кўтарилиб бошлардан ғамлар,
Қутлаб келди яхши одамлар,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Неки топсак биз уйга қўша,
Рўзғор қилдик бут жўша-жўша,
Тўйлар бердик биз қўша-қўша,
Туҳмат гаплар қолади бўш-а,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Фарзанд кўрдик тўрт арслондай,
Инсон асли фарзанд билан бой,
Фарзанд олар юраклардан жой,
Сен бамисол кўкда менга ой,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Бор ҳаётда бол ҳам, заҳар ҳам,
Қувонч-севинч ва баъзида ғам,
Сенинг билан ўтган ҳар бир дам —
Бирлигимиз ҳар дардга малҳам,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

Сен дунёга келиб кўрганим,
Сен туфайли одам бўлганим,
Илҳом билан жўшиб тўлганим,
ўамгин бўлсанг менинг ўлганим,
Кулиб юргин доим, жонгинам.

ҳамма шеърларни кўчириб олиш
Copyright Эгам Раҳим
Created by "ARSENAL D"