About Books Fotoalbum Feed back Aduo files
ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

ЎНИҚ ҚАЛБ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

Жон Ватаним, бепоён

бўстон ўзинг,

Созу дуторимдасан,

достон ўзинг

дея қўлига қалам олган шоир биринчи дақиқадан бошлаб жонажон Ватан ҳақида жўшқин куйлайди. Ватанга бўлган чексиз муҳаббат унинг бутун ижоди бўйлаб қизил ипдай ўтади, барча шеърларининг асосий нафасини белгилайди. Зотан, урушнинг машаққатли йилларида илк бор унинг қўлига қалам тутқазган ҳам ўша муқаддас туйғу бўлди. Шоирнинг Ватан ишқи мудомдир қалбимизда, дейиши унинг самимий эътирофи эди. Шоир шу олийжаноб туйғуни ёрқин ва жозибали ифодалаш учун тинмай изланади.
Унинг дастлабки шеърларида ҳали умумий бўёқларда тасвирланган Ватан образи, дабдабали баландпарвоз сўзлар орқали ифода этилган ватанпарварлик туйғуси шоирнинг ҳаёт ва ижод тажрибаси ортган сари аниқ ҳисли, бадиий образли, ёрқин мисраларда акс эта боради. Буни айниқса, урушдан кейинги йилларда ёзган шеър­лари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Шоир Ватан ҳақида мушоҳада юргизар экан, доимо Ватан тушунчасини халқ билан боғлиқ ҳолда тасаввур этади. Шоир шеърларида лирик қаҳрамонининг Ватанга бўлган муҳаббати халқимиз эришган ютуқларидан фахрланиш ҳисси билан қўшилиб кетади.
Шоир ўзи туғилиб ўсган ва умр бўйи ўзи хизмат қилган Хоразмни улуғ ўз тарихига ва ўз мавқеига эга бўлган азиз, муқаддас диёр сифатида қаламга олади. Унинг Ватанга бўлган муҳаббати гоҳ қалбидан қўшиқ бўлиб отилади, («Гул диёрим Хоразм») гоҳ унда воҳанинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида ўйчан, вазмин мушоҳада уйғотади. («Хоразм»), гоҳ халқ шодиёналарига жўровоз ритмларда шўх, қувноқ лапар тарзида намоён бўлади («Салом сизга, Хоразмдан»).
Шоир «Хоразм» достонида воҳанинг ўтмишини ҳам фахр, ҳам ачиниш билан тасвирлайди.
Хоразм халқининг ўтмишдаги бахти ва бахтсизлигини «Юракда дард билан бир диёр йиғлар» мисрасида содда ва образли ифода этади. Аммо халқ ўзининг табиатига кўра оптимист. У бахтли келажакка ҳам умид боғлайди. Халқ орзуси беиз кетмади. Буни шоир жўшқин мисраларда ифодалайди. Яъни, бахти барқарор бўлган воҳа меҳнаткашларини қалби ғурурга тўлиб таърифлайди. Шоир худди шу фикр, ҳисларни «Салом сизга, Хоразмдан» шеърида халқ достонлари услубида дилкаш, самимий ва жўшқин куйлайди:

 

Ўтмиши узоқ тарихли,

Йигитлари дўст-

зарифли,

Қизлари достон

таърифли,

Салом сизга, Хоразмдан...

Хоразмнинг ўтмишини эслаганда ҳам, бугунги турмушини тасвирлаганда ҳам шоир уни реал ҳаётий деталлар орқали очишга интилади. Воҳанинг ўзига хос ҳаёт манзараларини, унда ўтган тарихий шахсларни, маданий бойликларини, буюк иншоотларини образли ва эҳтирос билан таърифлайди. Воҳа меҳнаткашларининг қўшни халқлар билан дўстлигини ифтихор билан куйлайди:

Бир ёнимиз Қорақалпоқ.

Бир ёнда Туркман —

дўст, иноқ.

Уч оғайни учта ўртоқ,

Салом сизга, Хоразмдан.


Шеърнинг ҳар бир бандида такрорланиб келган «Салом сизга, Хоразмдан» мисрасида дўст-қардошларга ҳурмат ва меҳр балқиб туради. Қуйидаги мисраларда шу дўстлик янада беғубор, самимий ифода этилиши билан бирга ҳаётимиздан, давримиздан мамнунлик ва бахтиёрлик ҳисси ҳам уфуриб туради.

Узоқ эмас — темир йўл

бор,

«Ан» ёқмаса «Ту» бор,

«Ил» бор,

Келинг, меҳмон бўлинг,

дўстлар.

Салом сизга, Хоразмдан.

Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, шоир Ватан образини қалбдан тасаввур қилади. Ватанни умумий мадҳ этишдан қочиб, образлиликка эришган. Сўз исрофгарчилигига йўл қўймай, мисралар мағзига қуюқ маъно сингдиришга муваффақ бўлган. Халқ поэтикасига хос энг яхши фазилатларни — ҳиссиётлар самимийлиги, вазн равонлиги, оҳангдаги жозибадорлик, қофиялар тўқлиги, маъно қуюқлиги каби хусусиятларни шоир ўз шеъриятига сингдиришга муваффақ бўлган.
Эгам Раҳимнинг Ватан мавзуидаги шеърларининг ғоявий мазмунида меҳнат ва унинг мўъжизакор қудрати ҳам ёрқин ифода этилади. Ватаннинг шон-шуҳратини, фаровонлиги ва гўзаллигини оширишда меҳнатнинг ролига алоҳида эътибор берилади. Хусусан, ўзбек халқининг фахри бўлган пахта ва пахтакор меҳнати улуғланади.

Камол топди мард

қўлларда улуғ Ватан,

Ҳаёт бўлди меҳнат билан

фаровонлар.

Ҳа, Эгам Раҳим то умрининг охирги дақиқасига қадар шу лафзига, шу бурчига, виждон амрига содиқ қолди. Ўз шеърлари билан халқини ҳамон Ватаннинг қудрати ва шон-шуҳрати учун фидокорона меҳнатга чорлаб қайта қуриш маршига жўровоз бўлмоқда.

Мунаввара СОЛАЕВА,

филология фанлари номзоди, доцент.

 

НОН ВА ТУЗ

Чеҳраларда табассум, юрак тепади хандон,
Таъзим билан чайқалар қўллардаги гулдаста.
Қизлар салом беришиб, тутадилар туз ва нон,
Бизни олқишлагандай куйлар шалола пастда.

Бир лаҳзалик маросим умрга мундарижа,
Баркашда нон, таъмидан кўнгиллар хуш тортади.
Илиқ, самимий сўзлар дилга чизилган режа,
Дўстлар кўришса дилдан севинч, қувонч ортади.

Қўш орденли бу диёр ҳаёт гулдастасини
Қўлга мангу ушлатиб, мафтун этар ўзига.
Инсон бундай дамларни — умрнинг гул фаслини
Ҳамишалик улуғлаб жо қилади кўзига.

Чўққиларда туғилган ирмоқлар дарё бўлиб,
Қақраб ётган чўлларга баҳор олиб келгандек.
Саодат нашъасидан қалблар илҳомга тўлиб,
Меҳримиз совға дея гуллар териб бергандек.

Шаҳардами, адирда, қишлоқдами — шу хушҳол,
Йўл-изда давра қуриб тутилади туз ва нон.
Инсонлик фазилати кўрсатиб ҳусну жамол,
Пешвоз чиқиб келишар қўлда ёйиб дастурхон.

Қардошлик ришталари юракка из солади,
Ва қилади мангуга дилни дилларга пайванд.
Яхши сўз, яхши одат — инсондан шу қолади,
Одамизод ҳамиша яхшиликдан баҳраманд.

ҳамма шеърларни кўчириб олиш
Copyright Эгам Раҳим
Created by "ARSENAL D"