УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ
Донишмандлар, яхши номнинг умри соний, яъни иккинчи умр деганлар. Шундай умр халқимизнинг шоир фарзанди Эгам Раҳимга ҳам насиб қилди. У азим гужумларни ўстирган табаррук тупроқда кўкарган гужум эди. У ўзини ўстирган халққа хизмат қилди, азиз юртини жисм аро жондек суйиб, доим шарафлаб ўтди. Қалбининг ҳароратини, элга муҳаббатини оташин мисраларга сингдириб, бизга қолдириб кетди. Яшашга дахлдор шеърлар жарангида шоирнинг юраги дукиллаб уриб туради. Эгам Раҳимнинг шеърлари шундай шеърлардир, юраги эса уришдан тинмайдиган, ҳарорати сўнмайдиган юракдир.
Эгам Раҳимнинг замондоши, ҳамкасби, шогирди сифатида устоз ижодига хос икки хислатни алоҳида таъкидламоқчиман.
Биринчидан, Эгам Раҳим майдачи эмас эди. Катта ва керакли гапни айтарди. У даврнинг катта воқеалари оғушига шўнғиб кириб, энг долзарб мавзуларда ёзарди. Иккинчидан, энг ҳозиржавоб ва йигирма иккилар, илк қишлоқ мухбири образлари, темир йўл қурилишининг бадиий лавҳаларини усталик билан чиза олган катта шоир эди. Минбарга чиқса, жўшқин шеърлари билан қалбларга илҳом бағишларди.
Шоир ижодига хос яна бир муҳим хусусият шуки, у халқ ҳаёти билан мустаҳкам боғланган эди, жонли фактлар, конкретлилик, равонлик шеърлар таъсирчанлигини оширар, одамларни ўзига тортарди.
Эгам Раҳимнинг вилоятда матбуотни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси айниқса, салмоқли. Журналист кадрларнинг катта қисми унинг дарсхонасида таҳсил кўрди. Биз, журналистлар, шогирдлар азиз устозни ҳамиша ҳурмат-эҳтиром билан эслаб, унинг хотираси олдида бош эгамиз. Ижодда ғоявийликни, давр билан ҳамнафасликни, ҳозиржавобликни ундан ўрганганмиз. Касбга меҳр-муҳаббатни, юртимиз шарафини қанотли сўзлар билан улуғлашни, Ватанга, халққа садоқат билан хизмат қилишни муҳтарам устоз Эгам Раҳимдан ҳали-ҳануз ўрганамиз.
Фозил ЗОҲИД,
шоир.